Афғонистон бўйича Тошкент анжуманида Еврокомиссия вице-президенти қатнашади

Могерини конференция доирасида шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари билан учрашишни режалаштирган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Еврокомиссия вице-президенти, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Афғонистон бўйича Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференцияда қатнашади.

"Толибон" ҳаракати Афғонистон бўйича ўтказиладиган тинчлик музокараларига қизиқиш билдирди

Афғонистон бўйича халқаро конференция 26-27 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

"Могерини хоним иштирок этишини тасдиқлади ва у 26 март куни конференция очилишида қатнашади", — деб хабар берди РИА Новостига Тошкентда бўлиб ўтган ЕИ ва Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган давра столи давомида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан.

Махсус вакил Могерини конференция доирасида шунингдек, келгуси ҳамкорлик имкониятлари ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари билан учрашишни режалаштирганини маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари, БМТ бош котиби, Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари таклиф этилганлигини маълум қилганди. АҚШдан давлат котибининг биринчи ўринбосари қатнашади. Россия делегациясига мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади.