Италиялик мутахассислар Ўзбекистоннинг учта шаҳрида мини футбол майдони қуради

Стадионлар юқори сифатли технологиялар ёрдамида барпо этилади ва бу майдончаларда йилнинг барча фаслида футбол учрашувлари ва машғулотлар ўтказиш мумкин бўлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мар – Sputnik. ОФКнинг футбол майдонлари қурилиши бўйича мутахассиси Мендуҳ Акюрекли Андижон, Қўқон ва Хоразм шаҳарларида мини-футбол майдончаси қурилиши учун ажратилган ҳудудлар билан танишди. Майдончаларнинг қурилиши бўйича ўзининг амалий маслаҳатларини берди.

Янги “Пахтакор” стадиони хорижий компания лойиҳаси асосида қурилади

Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг хабар беришича, апрель ойи бошларида Италиянинг қурилиш бўйича машҳур "Limonta" компанияси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, сунъий қопламали майдон қурилиш ишларини бошлашади. Ҳар уччала стадион юқори сифатли технологиялар ёрдамида барпо этилади ва бу майдончаларда йилнинг барча фаслида футбол учрашувлари ва машғулотлар ўтказиш мумкин бўлади.

Ўтган йил ноябрида Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа билан расмий учрашув ўтказганди.

Учрашувда Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга асосланган турли лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, Андижон, Қўқон ва Хоразмда болалар учун мўлжалланган мини-футбол майдончалари барпо этилишига ОФК томонидан маблағ ажратилиши бўйича келишувга эришилганди.