ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бешинчи сектор — Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ташаббуси билан профилактик тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Зарафшон" газетаси.
Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туман овчилик жамияти вакиллари иштирок этган тадбирда ўқ отар қуроллар, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланишининг олдини олишда жамоатчиликнинг ўрни, узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолишига йўл қўймаслик масалалари муҳокама этилган.
Шунингдек, йиғилишда ўтган асрнинг 70-йилларига қадар мавжуд бўлган ўқотар қуроллар расман рўйхатдан ўтказилмаганлиги, айрим фуқаролар бу каби қуролларни ноқонуний сақлаётганлиги айтилган.
Агарда фуқаролар бу ўқотар қуролларни ихтиёрий равишда топширса, жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлиги таъкидланган.