Ўзгидромет март ойида ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабини маълум қилди

Об-ҳаво маълумотига кўра, 13-15 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Ғарбий Қозоғистон орқали Уралдан совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. ФВВ ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) маҳаллий ОАВда март ойида ҳавонинг кескин совиб кетиши ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.

Ўзгидрометнинг маълум қилишича, дарҳақиқат Ўзбекистонда баҳор бошлари ва ўртасида деярли ҳамиша ўзгарувчан об-ҳаво ва ҳароратнинг пасайиб кетиши кузатилади.

"Ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида бўлади, аммо деярли ҳар йили март ойида бир-икки бор қор ёғиш ҳолати кузатилади. Бу республика ҳудудидаги иқлим хусусиятлари билан изоҳланади. Март ойида Европанинг Россия ҳудудида, баъзан Урал, айрим ҳолларда Ғарбий Сибирдан совуқ ҳаво кириб келувчи зона фаол бўлади", — дейилади Ўзгидромет томонидан.

ФВВ икки кун сел келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ташкилот мутахассисларининг айтишларича, шу билан бир вақтда мартда баҳорги иссиқ ҳарорат ва момақалдироқли жалалар билан боғлиқ жанубий жараёнлар ҳам фаоллашади. Бу йил март ойининг дастлабки ўн кунлигида республикада кундуз кунлари 23-27 даражагача иссиқ ҳарорат кузатилди ва совуқ ҳаво массаси кириб келганидан сўнг ҳарорат анча пасайди.

Об-ҳаво маълумотига кўра, 13-15 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Ғарбий Қозоғистон орқали Уралдан совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда.

13 март куни республика бўйлаб ёмғир ёғади, мамлакат шимолида ёмғир қорга айланиши мумкин. 14-15 март кунлари айрим жойларда ёмғир ёғади.

Республика шимолида 13 март куни кечаси 2-7 даража совуқ, кундузи 2-7 даражагача илиқ бўлади.