ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Куни кеча, 11 март куни Туркиянинг йўловчи самолёти Эроннинг ғарбий қисмида ҳалокатга учради. Авиаҳалокат оқибатида 11 нафар фуқаро, шу жумладан, 3 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлганлиги хабар берилди.
Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, авиаҳалокатнинг барча қурбонлари жасадлари аниқланган. Фожеа — двигателда ёнғин келиб чиққани туфайли юз бергани айтилмоқда.
Шу пайтгача берилган маълумотларга кўра, ҳалокатга учараган самолёт бортида туркиялик таниқли тадбиркорлардан бири Başaran Holding раҳбари Хюсейн Башараннинг қизи ва унинг 7 нафар дугонаси бўлган. Sozcu нашри маълумотларига кўра, 28 яшар Мина Башаран БААда турмушга узатилиш олдидан дугоналари даврасида "қизлик даври билан хайрлашув" кечасини ўтказган. Хабарда қайд этилишича, Мина 2013 йилдан Başaran Holding директорлар кенгаши таркибига киритилган ва уни отасининг ўрнини эгаллаш учун тайёрлаб боришган.
Эрон Қизил яримой жамияти айни вақтда ўз мамлакати ҳудудида ҳалокатга учраган самолётнинг барча қурбонлари таналари аниқлангани ҳақида хабар берди.
Жамият барча 11 нафар қурбоннинг танаси мамлакат суд органларига юборилганини қўшимча қилган.