ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев президент Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига келди.
Душанбе халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон кутиб олди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
"Ўзбекистон президенти шарафига бутун шаҳар бўйлаб давлатимиз байроғи кўтарилган. Кўчаларга чиққан минглаб тожикистонликларнинг юз-кўзидаги ҳурсандчилик ушбу ташриф улар учун орзиқиб кутилган воқеа эканидан далолат беради", — дейилади хабарда.
Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилади.
Турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат халқига қулайликлар яратишга қаратилган тарихий ҳужжатлар имзоланади.
Ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистон президентини кутиб олиш бўйича тайёргарлик ишларини шахсан Тожикистон президенти ўзи назорат қилаётгани хабар қилинганди.