ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилди, деб хабар берди Sputnik мухбири Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги фармонига асосланиб.
Вазирлик Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида ташкил қилинди.
Янги вазирлик тузилмасида Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармаси ташкил этилади. Бошқарма жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган давлат молиявий маблағларидан оқилона фойдаланилишини таҳлил қилиш, аҳолининг спорт хизматларидан қониқиш даражаси ва спорт хизматларидан фойдалана олиш шарт-шароитларини баҳолаш, шунингдек, коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлаш учун масъул бўлади.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази вазирлик тасарруфига берилади.
Бундан ташқари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
Фармонда вазирлик 2018 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни узоқ муддатли истиқболга ривожлантириш концепцияси лойиҳасини халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиши ва киритиши белгилаб қўйилди.