Севинч Ходиева "Ты супер!" танловининг иккинчи босқичига ўтди

"Ты супер!" халқаро танловининг ўзбекистонлик қатнашчиси Севинч Ходиева кейинги босқичга ўтди. Унга тўрт ҳакамдан учтаси овоз берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистонлик Севинч Ходиева "Ты супер!" халқаро вокал танловининг иккинчи босқичига ўтди.

Севинч саҳнада инглиз алифбоси ҳақидаги қўшиқни ижро этди. Қўшиқ оддий бўлишига қарамасдан, у шундай моҳирона ижро этилдики, буни барча ҳакамлар эътироф этишди.

"Сен ажойиб кичик артист экансан, бу ёдда қоладиган чиқиш бўлди. Қандай қилиб бутун зал сен билан бирга куйлади — буни репетиция қилганмидингизлар?", — ҳазиллашди Виктор Дробиш.

Продюсер ва композитор Игорь Крутой ҳам бу фикрга қўшилди.

"Сендан нур ёғилиб турибди, қўшиқ айтиш хоҳишинг сезилиб турибди, ташқи ва ички гўзаллик мужассам. Айрим хатоларни тўғриласа бўлади. Асосийси, моҳирона ижро", — деди Крутой.

Ўз навбатида Юлианна Караулова қизалоқнинг бутун зални ўзига жўр эта олганидан ҳайратда эканлигини, бу моҳир артистларнинг қўлидан ҳар доим ҳам келавермаслигини билдирди.

"Буни қандай уддаладинг: сен илтимос қилмасанг ҳам бутун зал сен билан бирга куйлади. Сенда одамларни бошқарувчи ички қувват бор. Келганинг учун раҳмат, сенга ўсишингда албатта ёрдам берамиз", — деди у.

Сўнгги сўзни хонанда Сергей Лазарев айтди.

"Сен катта бўлиб қолдинг, жиддийроқ қўшиқ танлаш мумкин эди. Ҳа, жудаям таъсирли ва моҳирона ижро, лекин қўшиқ беш-олти ёшли болаларбоп, сенбоп эмас. Шунинг учун сенга овоз бермадим", — деди хонанда.

Козим Қаюмов "Ты супер" танловининг ўзбекистонлик қатнашчиларига омад тилади

У уч ярим ёшли фарзанди учун инглиз тилидан репетитор қидираётганлигини ва уни ҳозиргина топганлигини қўшимча қилди.

Севинч ҳаяжондан саҳнада йиғлаб юборди. Бу катта саҳнадаги илк бор чиқишдан кейинги ҳаяжон ва қувонч ёшлари эди.

"Ты супер!" халқаро вокал танлови ота-она қарамоғисиз қолган истеъдодли болаларга катта саҳнага чиқиш учун имконият беради. Танловнинг иккинчи мавсумида Россия, Беларус, Молдова, Эстония, Латвия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистона, Арманистон, Озарбайжон, Жанубий Осетия ва Германиядан 82 нафар ўғил-қиз қатнашмоқда.