АҚШ элчихонаси виждон маҳкумлари озодликка чиқарилганидан мамнунлигини билдирди

Элчихона сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш амалиёти Ўзбекистон ўтмишида қолишига ва ислоҳотлар изчил давом эттирилишига умид билдирган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. АҚШ элчихонаси яқинда озодликка чиқарилган узоқ муддатли виждон маҳкумлари Муҳаммад Бекжонов, Исроилжон Холдоров ва Юсуф Рўзимуродовни мамнуният билан кутиб олди. Бу ҳақда элчихона расмий сайтида берилган баёнотда айтилади.

"Виждон тутқунларини озод этаётган президент Мирзиёевни қутлаймиз" - АҚШ элчихонаси

"Биз озодликка чиққан маҳбусларга адолат, соғлиқни қайта тиклаш ва янги кучлар тилаймиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини яна бошқа маҳбусларни озодликка чиқаришга ва озод бўлганларни уларни тўлақонли озод инсон эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари топширилишига чақирамиз", — дейилади баёнотда.

Элчихона сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш амалиёти Ўзбекистон ўтмишида қолишига ва ислоҳотлар изчил давом эттирилишига умид билдирган.

Аввалроқ 2009 йилда порахўрлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидов озодликка чиқарилиши муносабати билан берган баёнотида элчихона ўнлаб виждон тутқунлари озод этилгани учун президент Мирзиёевни қутлаганди.