"Дўстлик" назорат-ўтиш пунктидаги тирбандликларга барҳам берилади

Исаков бош вазир ўринбосарига вазият билан танишиш учун республика жанубига боришни топширди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков ҳукуматга Ўзбекистон билан чегарадаги назорат-ўтиш пунктидаги тирбандликларга барҳам бериш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Исаков республика бош вазири ўринбосари Даир Кенекеев билан учрашувда одамлар оқимининг кескин ошганлиги боис назорат-ўтиш пунктида вазиятни тартибга солиш кераклигини таъкидлади.

Кенекеев ҳукумат раҳбарига вазиятни ҳал қилиш учун кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот берди. Унинг маълум қилишича, "Дўстлик" назорат-ўтиш пунктининг ўтказиш салоҳияти 1,7 бараварга оширилган ва ҳозирда суткасига 7 мингдан ортиқ киши ўтиши мумкин. Паспорт назорати учун қўшимча тўртта кабина ўрнатилмоқда.

"Жамоат тартиби сақланишига, назорат пунктида ва давлат чегарасидан ўтаётганда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиш зарур", — деди бош вазир.

Исаков бош вазир ўринбосарига вазият билан танишиш учун республика жанубига бориш бўйича топшириқ берди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара ўтказув пункти 2017 йил 6 сентябр куни очилганди. икки давлат фуқароларининг тижорат фаолияти кескин ўсгани боис кейинги вақтда "Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктида чегарадан ўтувчилар оқими ошган.