ТОШКЕНТ, 2 мар – Sputnik. Йўл қурилиши ва таъмирида ишлатиладиган юздан ортиқ техникалар харид қилинди, деб хабар берди Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати.
"Замонавий транспорт оқими шароитида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларидаги ўсиб бораётган талаб – жорий қувватларни ошириш ҳамда қўмита таркибидаги корхона ва ташкилотлар моддий-техника базаларини мустаҳкамлаш масалаларини – ягона технологик талаблар асосида, комплекс ҳал этилишини тақозо этарди", — дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, 2017-2018 йиллар мобайнида 223 дона янги – йўл таъмири ва қурилишида ишлатиладиган техникаларни харид қилиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
Бугунги кунда йўл қурилиши ва таъмирида ишлатиладиган 100 дан ортиқ техникалар харид қилинди. Техникалар Хитойнинг – Ўзбекистондаги "UzXCMG" қўшма корхонаси ҳаммуассиси ҳисобланган – "Xuzhou Construction Machinery Group Co Ltd." компанияси билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинмоқда. Бу республикадаги йўл хўжалиги корхоналари томонидан фойдаланиладиган техникаларнинг таъмирида юзага келадиган ортиқча харажатларни қисқартириш имконини ҳам беради.
Мазкур техникалар Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибидаги "Автойўлтаъминот" унитар корхонаси томонидан олиб келиниб, республикадаги янги ташкил этилган, йўл қурилишига ихтисослаштирилган корхоналарга тарқатилмоқда. 2018 йилнинг 1-ярми давомида яна шунча техника олиб келинади.