Атамбаев Фаррух Зокировни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2017 йилнинг ноябрь ойида Фаррух Зокировга “Дўстлик” ордени бериш ҳақидаги қарорни имзолаган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. “Ялла” ансамбли раҳбари Фаррух Зокировга Қирғизистон президенти номидан “Дўстлик” ордени топширилди.

Мукофотни Қирғизистон президенти номидан республиканинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Сыдыков топширди. Мукофот топшириш маросими Ўзбекистон ва Қирғизистон орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг25 йиллиги арафасида амалга оширилди.

Модани расм қилувчи “Ялла” гуруҳи ёхуд Фаррух Зокировнинг ёш санъаткорларга ўгити

Новости Узбекистана хабарига кўра, ушбу мукофот ҳақидаги фармон 2017 йилнинг ноябрь ойида, Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев томонидан имзоланган.

Фармонда айтилишига кўра, ушбу мукофот Фаррух Зокировга Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари орасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳамда кўп йиллик унумли ижодий меҳнати учун берилган.

Фаррух Зокиров 1976 йилдан буён “Ялла” ансамблига раҳбарлик қилиб келмоқда. Ансамблнинг Ўзбекистон, МДҲ мамлакатлари, АҚШ, Исроил ва дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам мухлислари жуда кўп.