Бельгияда вилоят ҳокимликлари ва "Ўзэлтехсаноат" вакиллари ташрифини кутишмоқда

Брюсселдаги бизнес вакиллари Ўзбекистондан озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдиришди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар – Sputnik. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги Брюссел шаҳрида жойлашган элчихонасида Eurochambers Европа савдо-саноат палатаси бош ижрочи директори Арналдо Абруззини ва палатанинг МДҲ давлатлари билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси Гундарс Страутманис билан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон маҳсулотлари Латвия марказий бозори орқали Европани забт этади

Музокараларда Eurochambers ва Ўзбекистон, хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, алоҳида вилоятлар ва корхоналар билан инвестициявий, технологик ва инновацион ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Хабарда қайд этилишича, Eurochambers раҳбарлари Европа ишбилармон доиралари орасида Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг миқёсдаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бўлган қизиқиш ўсиб бораётганини эътироф этишди. Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, муқобил энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишларида ҳамкорлик қилиш белгилаб олинди.

Шу куни Брюссел савдо-саноат палатаси раиси Оливье Виллок билан ҳам учрашув ўтказилди.

Музокаралар якунига кўра, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари ҳамда "Ўзэлтехсаноат" АК вакилларининг Бенилюкс давлатларига амалга ошириладиган ташрифлари доирасида Брюсселдаги йирик ишбилармон доиралари ва компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкил этишга келишиб олинди.

Суҳбат чоғида Брюсселдаги бизнес вакиллари Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлари (асал, қуритилган мевалар), тўқимачилик маҳсулотлари (кийим-кечак, пахта ва ипакдан тайёрланган ётоқхона буюмлари), фармацевтика, электротехника маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдиришди.

Қайд этиш жоиз, Европа савдо-саноат палатаси таркибига Европанинг 43 мамлакати, 1700 ҳудудий ва маҳаллий палаталар ҳамда 20 млн корхона киради.