Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" ўтказув пункти кенгайтирилади

Икки давлат фуқароларининг савдо-сотиқ алоқалари кескин кучайгани боис кейинги вақтда "Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктида чегарадан ўтувчилар оқими ошган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Тез кунларда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Ўш ва Андижон вилоятлари туташган қисмида жойлашган "Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктини кенгайтириш ишлари бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Айни пайтда пунктда паспорт назорати бўйича 10 кабина ишламоқда – 5таси Қирғизистондан чиқишда, 5таси – ортга қайтишда. Пункт суткасига 7000дан ортиқ кишини ўтказиш имкониятига эга.

Яқин вақт ичида пунктда тўртта кабина ўрнатилади: 2таси республикадан чиқишда ва 2таси киришда. Шунингдек, чегарадан юксиз ўтаётган шахслар ва товар-юклар билан ўтаётган шахслар учун алоҳида йўлаклар ташкил қилинади.

Бундан ташқари, пунктда шахсий таркиб сони ҳам оширилади.

Маълум қилинишича, икки давлат фуқароларининг тижорат фаолияти кескин ўсгани боис кейинги вақтда "Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктида чегарадан ўтувчилар оқими ошган. Эрталаб ва тушдан кейин ҳамда бозор кунлари одамлар ва транспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара ўтказув пункти 2017 йил 6 сентябр куни очилганди.