"Ўзагроэкспорт" деҳқон ва фермерлардан сотиб олинадиган гилос учун нарх белгилади

"Ўзагроэкспорт" АЖ деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларидан фьючерс (олдиндан пул ўтказиш) шартномалари асосида харид қилиб олади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларидан сотиб олинадиган гилос меваси учун нарх белгиланди. Бу ҳақда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Бу йил “Ўзагроэкспорт” ўрикни тўрт баравар қимматига сотиб олади

Хабарда айтилишича, мева-сабзавот маҳсулотларини келажакда қайта ишлаш ва унинг экспортини оширишдаги долзарб масалалар бўйича компания томонидан ўтказилган давра суҳбатида экспортга йўналтирилмаган гилосни қайта ишлаш учун юбориш долзарб эканлиги таъкидланди.

"Жумладан, ички бозорда ҳам ўз харидорини топа олмайдиган гилос мевасини эндиликда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" таркибидаги "Ўзагроэкспорт" АЖ деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларидан фьючерс (олдиндан пул ўтказиш) шартномалари асосида харид қилиб олади", дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, 2018 йил гилосни қайта ишлаш учун 1 килограммига 3 минг сўм нарх белгилаш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Харид масалалари бўйича www.oziq-ovqat.uz сайти ёки marketing@uzagroexport.uz электрон манзилига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилмоқда.