ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. "Газпром" компанияси "Футбол дўстлик учун" халқаро болалар лойиҳасининг олтинчи мавсуми старт олганини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси хабар қилмоқда.
Лойиҳанинг қуръа маросимида терма жамоаларнинг мамлакатлар бўйича таркиби, шунингдек, иштирокчи мамлакатларнинг вакиллари учун ўйин позициялари аниқланди. Битта жамоада ҳар хил миллат, ҳар хил жинсдаги ва ҳар хил жисмоний имкониятга эга спортчилар қатнашади. Ўйинчилар ёши — 12 ёш. Жамоаларни турли мамлакатлардан келган 14-16 ёшдаги мураббийлар шуғуллантиради.
Қуръага кўра бу йил Ўзбекистондан яна дарвозабон мазкур лойиҳада иштирок этадиган бўлди. Номзодлар Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан танлаб олинади.
"Футбол дўстлик учун" лойиҳасининг 6-мавсуми расман очиқ. Бу йил лойиҳада 211та мамлакат вакиллари иштирок этади! Тарихда биринчи марта майдонда дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган ёш футболчилар ўзаро рўбарў бўлишади. Бу ҳолат иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларини ривожланишига ёрдам беради. "Футбол дўстлик учун" лойиҳасининг асосий мақсади шу", — дейди "Газпром" ОАЖ Директорлар Кенгаши раиси Виктор Зубков.
"Биз ФИФАнинг расмий ҳамкори бўлган "Газпром" компаниясининг ажойиб ташаббусини қўллаб-қувватлаётганимиздан хурсандмиз, — дейди ФИФА бош котиби Фатма Самура. — Мазкур форум турли мамлакатлардан келган ўғил-қизлар учун янги имкониятлар эшигини очади. ФИФА бундай лойиҳаларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келади".
Лойиҳанинг асосий мақсади бутун дунёдаги ёш авлод ўртасида дўстлик, тинчлик, турли миллат ва маданият вакилларига ҳурмат каби юксак инсоний тушунчаларни тарғиб қилишдан иборат. Мавсумнинг якуний тадбирлари 8 июндан 15 июнга қадар Москва шаҳрида бўлиб ўтади.
"Футбол дўстлик учун" лойиҳасининг Халқаро Болалар матбуот марказида 211 давлатдан келган 12 ёшли журналистлар мусобақалар ҳақида хабарлар тайёрлаб боришади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил "Футбол дўстлик учун" лойиҳасида Ўзбекистондан "Локомотив" (Тошкент) вакили Илёс Аҳмедов (дарвозабон) ва ёш журналист Амир Шарипов иштирок этганди.