ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи миграция масалалари бўйича агентлиги Россиянинг еттита регионида ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири ташкилотдаги манбасига таянган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йил Самарқанд вилоятида фуқароларни касбга ўргатиш ва тайёрлаш маркази ташкил қилинган, бу йил шунга ўхшаш марказ Фарғонада ҳам ташкил этилади.
Турли маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда 1 миллиондан 3,5 миллионгача бўлган ўзбекистонликлар меҳнат фаолиятини амалга ошириб келишмоқда. Уларнинг каттагина қисми Ўзбекистондан ташкиллаштирилмаган ҳолатда чиқиб кетишмоқда. Яъни, меҳнат мигрантлари икки давлат органлари томонидан ташкил қилинган қонуний каналлардан фойдаланишмаяпти.
Ўзбекистон томон маълумотларига кўра, ўтган йил Россияга ишлаш учун расман 922 нафар ўзбекистонлик юборилган. Россия ИИВ эса бир пайтнинг ўзида 2017 йилнинг январ ойидан сентябр ойига қадар 3,1 миллион нафардан зиёд ўзбекистонликлар миграция учетига олинганликлари ҳақида хабар қилди.
Икки мамлакат ўртасида бу соҳада битимнинг мавжуд эмаслиги ҳам анча вақт ушбу масалани янада мураккаблаштириб келаётган эди.
Ўтган йилнинг декабр ойи охирларида ушбу ҳужжат кучга кирди.
Бу йил Ўзбекистон уюшган ҳолатда Россияга 50 мингдан зиёд мигрантларни юборишни режалаштирган.