Наврўз байрамини нишонлаш тўғрисида президент қарори эълон қилинди

Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга оширилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. 2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Қарорга кўра, "Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!" деган ғояни ўзида мужассам этган байрам Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказилади.

Наврўз жилолари – фотокўргазма
Байрам дастурини тайёрлашда барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар ўтказилишига эътибор берилади.

Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга оширилади.

Халқ сайиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ҳунармандлик кўргазмаларини ташкил этиш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, китоб байрамларини ташкил этишга эътибор қаратилади.

Шунингдек, қарорда март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишлар энг яхши йўлга қўйилган туман, қишлоқ ва маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш белгиланган.