Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олинмаган - ОАВ

Илгарироқ ОАВларда Қодировга йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиётлари ўтказиш айби қўйилаётгани ҳамда у ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистондаги маҳаллий ОАВлар мамлакат собиқ Бош прокурори, 66 яшар Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

Бош прокурорга янги ўринбосарлар тайинланди
Илгарироқ хорижий ОАВларда Ислом Каримов давридаги прокурор — Рашиджон Қодиров 22 февраль куни қўлга олингани, унга нисбатан йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиётлари ўтказиш айби қўйилаётгани ҳамда унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Маҳаллий интернет нашрлар, хусусан, "Kun.uz" ва "Дарё.уз" ахборот нашрлари прокуратурадаги манбаларига таянган ҳолда Қодировнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарларни рад этмоқда.

Уларга кўра, бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими ходими Қодировга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилган.

Республика Бош прокурори лавозимида 2000 йил апрелидан фаолият юритиб 15 йил ишлаган Рашиджон Қодиров 2015 йилнинг апрелида ишдан бўшатилган. У 2015 йил майидан Республика Конституцион суди аъзосига айланган, аммо 2017 йилнинг августидан суд аъзолари таркибидан унинг номи ўчирилган.