Муқобили йўқ: Хоразмда уч хорижий тилни биладиган отлиқ посбонлар иш олиб бормоқда

Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича махсус отлиқ посбонлар Ичан-Қалъа атрофида айланиб юришади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Хоразм вилоятида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан тажриба тариқасида отлиқ посбонлар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, айни вақтда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида "Эзгулик патрули" гуруҳлари фаолияти ҳам ўз ишини бошлади, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига Хоразм вилояти ҳокимлигининг туризм масалалари бўйича шуғулланувчи мутасадди ходими.

Мирзиёев Хива ва Хоразмга келадиган туристлар сонини 2 бараварга оширмоқчи
 Хива шаҳрининг "Ичан қалъа" мажмуаси, Урганч темир йўл вокзали ва халқаро аэропорти атрофида хизмат қилаётган "Эзгулик патрули" ёш йигит-қизлардан иборат бўлиб, улар замонавий алоқа воситалари ва хизмат анжомлари билан таъминланган.

Хусусан, патрулда хизмат қилувчи қизлар тиббий малакага эга бўлиб, махсус аптечка билан таъминланган. Улар жамоат жойларида ўзини ёмон ҳис қилиб қолган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатишлари айтилмоқда.

"Эзгулик патрули" хизмати йигитлари эса махсус тайёргарликдан ўтган спортчилар, деди суҳбатдош.

Улар қўл-кишани билан таъминланган ва бирор ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, дарҳол чора кўриш ҳуқуқига эга. Шунингдек, эзгулик патрули хизмати ходимлари кекса кишиларга оғир сумкаларини кўтаришда ёрдам бериш сингари эзгу амалларни ҳам бажаришлари айтилмоқда.

Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича махсус отлиқ  ходимлар эса Ичан-Қалъа атрофида айланиб юришади.

Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг туристик сайтлари ишга тушди
"Улар немис, рус ва инглиз тилларини мукаммал билишади", — қўшимча қилди суҳбатдош.

Шунингдек, сайёҳларга йўналиш кўрсатиш, уларни тарихий обидалар билан таништириш, меҳмонхоналар манзилларини кўрсатиш сингари вазифаларни ҳам бажарадилар.

Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича назорат мотоциклли посбонлар томонидан амалга оширилади.

"Хоразмда жорий этилган ушбу янги тизим сайёҳлар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун хорижий мамлакатларда йўлга қўйилган тизимдан мутлақо фарқ қилади ва кейинчалик бу хизмат турларини вилоятнинг одамлар гавжум бўладиган ҳудудларида ҳам жорий этиш кўзда тутилган", деб суҳбатга якун ясади суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз, январ ойи бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБ қошида хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқармалари тузилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу бошқармалар бошлиқлари вилоят ИИБ бошлиқ ўринбосарлари ҳисобланиб, у ерда хорижий тилларни билувчи ходимлар фаолият юритиши айтилганди.