Сурхондарёда ўта хавфли жиноятчи қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро Сурияда халқаро террористик ташкилот сафига бориб қўшилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Гулистон маҳалласида яшовчи Ўтмас Мансуров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди, деб хабар қилди республика ҳукумат портали.

Ўзбекистон жанубида ЙТҲда тўрт киши ҳалок бўлди

Хабарда айтилишича, терговга қадар олиб борилган суриштирув ишлари чоғида унинг 2014 йил куз фаслида Москва шаҳрига ишлаш учун кетиб, ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилгани ва ҳозирда қидирувда бўлган акаси Сафар Саломовнинг даъвати таъсирида фаолияти таъқиқланган "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқимга аъзо бўлгани аниқланган.

Шундан сўнг, Ўтмас оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб, Россия Федерациясидан Туркия давлатига чиқиб кетган.

Сурияда халқаро террористик ташкилот сафига бориб қўшилган. Ўша ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, таъқиқланган ташкилот фаолиятини кенгайтириш, келгусида "жиҳод" қилиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конституциявий тузумига қарши фаолият юритган.

Ҳозирги вақтда 23 ёшли Ўтмас Мансуровга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.