Қирғизистондаги портлашда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди

Ҳозирда жабрланган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон ва Наманган вилоят филиалларига жойлаштирилган ва улар билан зарурий тиббий муолажалар ўтказилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 фев – Sputnik. Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги кафелардан бирида портлаш оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқаролари  22 февраль куни Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

ТИВ Қирғизистондаги портлашда жароҳатланган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ФВВ Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази томонидан тезкор чоралар кўрилиб, қирғизистонлик ҳамкасблар билан жабрланганларни шифокорлар назоратида Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фарғона, Наманган вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида жабрланган фуқароларнинг шахсини аниқлаш, яқин қариндошларига хабар етказиш ишлари олиб борилди.

Ҳозирда жабрланган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон ва Наманган вилоят филиалларига жойлаштирилган ва улар билан зарурий тиббий муолажалар ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жалолобод вилояти ИИБ маълумотларига кўра, 20 февраль куни Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги "Азия" кафесида газ ўчоғидан газ сизиши оқибатида портлаш содир бўлди. Воқеа рўй берган пайтда хонада 4 киши бўлган ва уларнинг юқори тана қисмлари куйган.

Жабрланганлардан уч нафари Наманган шаҳри ва яна бири Қирғизистоннинг Тўхтагул тумани истиқоматчилари бўлган.