ТОШКЕНТ, 20 фев – Sputnik. Стокгольм марказида юк машинасида бир неча кишининг умрига зомин бўлган Раҳмат Оқилов "Ислом давлати" террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаганини билдирди.
expressen.seнинг маълум қилишича, Швеция пойтахти округ судида сешанба куни бўлиб ўтган тингловда у "2017 йил апрель ойи бошида амиридан бутун Европа, АҚШ ва Россия бўйлаб терактлар содир этиш чақириғи олингани ва унга бўйсунганини" билдирди. Унинг сўзларига кўра, кўприклар, бинолар — "ИД душманларига тегишли барча нарса" теракт нишони бўлган.
Оқилов "Швециянинг халифаликка қарши урушни бас қилишини, аскарларини жанговар ҳаракатлар майдонига жўнатишни, халифаликка қарши кураш учун катта пул ажратишни тўхтатишини хоҳлаганини" билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 7 апрель куни Стокгольмнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Дроттнинггатан кўчасида юк машинаси ҳайдовчиси одамларни босиб кетган. У 550 метр юриб ўтиб, Ahlens савдо маркази биносига урилган. Ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳат олди.
39 ёшли Раҳмат Оқилов ушбу жиноятни амалга оширишда айбланмоқда.