Ўзбекистонда 1 мартдан нотариал бож ставкалари камайтирилди

2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб автотранспорт, уй-жой олди-сотдиси ва яна бир қатор амалиётлар билан билан боғлиқ нотариал ставкалари камайтирилди уларни ҳисоблаш тартиби соддалаштирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 фев – Sputnik. Ўзбекистонда нотариал бож ставкалари ва уларни ҳисоблаш тартиби қайта кўриб чиқилди, деб хабар қилмоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 123-сон қарорига биноан давлат божи миқдорларини ҳисоблаш тизими янада соддалаштирилиб, аҳоли учун енгилликлар яратилди.

Хусусан, қуйидаги нотариал ҳаракатлар учун ставкалар камайтирилди:

    автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари, бегона шахсларга берганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бунда давлат божи миқдори 1,7 бараварга арзонлашди;

    автомашиналарни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи автомашинанинг чет элда ёки мамлакатимизда ишлаб чиқарилганлигидан қатъий назар, бир хил белгиланди ва унинг миқдори ўртача 2-5 маротабага арзонлашди;

    уй-жойларни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи улар жойлашган аҳоли ҳудудига қараб белгиланди. Бунда, вилоятларнинг чекка туман ва шаҳарларидаги уй-жойлар учун давлат божи 2 баравар арзонлашди;

    алимент тўлаш тўғрисидаги келишувлар, гаров, ипотека, лизинг, кафиллик, текин фойдаланиш ва қарз шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи аниқ ва тушунарли миқдорларда белгиланди.

    Мазкур қарор лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.