Ўзбекистонда деҳқон бозорлари хусусий компанияларга ўтиши мумкин

Дастлабки тажриба-синов лойиҳаси Тошкентда ўтказилиши мўлжалланмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистонда бир деҳқон бозори ва савдо мажмуасини ихтисослашган хусусий компания бошқарувига топшириш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.

"Ўрикзор" бозори сотувга қўйилмаганлигига аниқлик киритилди

Бу давлат раҳбарининг тижорат ташкилотларида давлат иштирокини янада камайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Дастлабки тажриба-синов лойиҳасини Тошкентда ўтказиш таклиф этилмоқда. Пойтахт маъмуриятига тажриба ўтказиладиган деҳқон бозори ва савдо мажмуасини аниқлаш учун уч ой муддат берилади. Улар шартнома асосида компанияларга, хусусан мазкур йўналишда фаолиятни ташкил этиш ва олиб бориш тажрибасига эга бўлган хорижий компания бошқарувига берилади.

Тажриба-синов лойиҳаси якунларига кўра 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда Давлат рақобат қўмитаси давлат мулкини, жумладан давлат улуши ва давлат корхоналарини ихтисослашган махсус компанияларга топшириш бўйича ҳукуматга таклифлар киритади.

Қайд этиш жоиз, бугунги кунда пойтахтдаги аксарият деҳқон бозорлари акцияларининг назорат пакети Тошкент маъмуриятига тегишли. Бозорлар фаолиятини таркибига 20та бозор ва савдо мажмуаси кирадиган "Тошбозорсавдо" ассоциацияси назорат қилади.