"Uzbek Tigers" ушбу мавсумда бошқа жанг ўтказмайди - ОАВ

Нима учун бундай қарорга келинганининг сабаби маълум қилинмаган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 фев – Sputnik. Бутунжаҳон бокс сериясида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи "Uzbek Tigers" жамоаси ушбу мавсумда жанглар ўтказмайди. Бу ҳақда Olamsport.com cайти ўз манбаларига таяниб хабар қилди.

Хабарда билдирилишича, нима учун бундай қарорга келинганининг сабаби маълум қилинмаган. “Яқин вақтлар ичида бу ҳақида расман хабар берилади”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон бокс федерацияси ходими Sputnik мухбири билан суҳбатда бу борадаги якуний маълумот федерациянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, "Uzbek Tigers" бу мавсумда "Америка" гуруҳида Куба, Колумбия ва Венесуэла жамоалари боксчиларига қарши жанг ўтказиши лозим эди. 9 февраль куни "Cuba Domadores"га қарши ўтган жангда жамоа 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди.