Президент Бухорода қоракўлчилик институти ва жамғармасини ташкил этиш топшириғини берди

Президентга Бухоро вилоятида амалга ошириладиган иқтисодий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма, завод ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди, деб хабар берди Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Президентнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида вилоятда амалга ошириладиган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Чорвачилик, паррандачилик, ипакчилик, эчкичилик, асалчилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш борасидаги режалар ҳақида маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев қоракўлчиликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

"Бухоро қоракўлчиликнинг асл ватани экани, маҳаллий аҳоли илгаридан бундай маҳсулотларни бутун дунёга сотиб, катта даромад топганини қайд этди. Бу соҳада йўқолиб бораётган наслчилик ва тажрибани қайта тиклаш, чўпон ва тикувчи ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади", — дейилади хабарда.

Давлат раҳбарига тут баргидан фойдали чой ишлаб чиқаришга доир лойиҳа тақдим этилди. Мутахассисларнинг фикрича, тут баргида кофеин ва танин моддаси одатдаги чойдан 200 баробар кам, витамин ва минераллар эса, аксинча, кўпроқ.

Президент бу лойиҳани маъқуллаб, бундай чой аҳоли саломатлиги учун фойдалилиги, импорт ўрнини босиши билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.