ТОШКЕНТ, 16 фев – Sputnik. Давлат божхона қўмитаси расмий веб сайтидаги қўмита раисининг виртуал қабулхонаси 2018 йил 24 февралдан ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахслар учун давлат органларига мурожаат қилишда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 2018 йил 1 февралдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ахборот тизимининг янги талқини ишга туширилди”, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Давлат божхона қўмитаси расмий веб сайтидаги қўмита раисининг виртуал қабулхонаси 2018 йил 24 февралдан ўз фаолиятини тўхтатиши ва божхона органларига мурожаатлар pm.gov.uz манзилидаги веб-сайт орқали юборилиши маълум қилинмоқда.
Бу давлат органларида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, давлат органларига келиб тушаётган барча мурожаатлар тўғрисидаги маълумотларни ягона тизим доирасида бирлаштиришни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганлиги айтилмоқда.