ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Жорий ҳафта ўртасида Корея Республикаси бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келди.
Жанубий кореялик мансабдор президент Шавкат Мирзиёв билан музокара ўтказди ҳамда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан янги ташаббус – иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-корейс йиғилишини йўлга қўйди.
Sputnik мухбирлари Корея бош вазири ўринбосари нима учун Олимпия ўйинлари айни қизғин паллага кирган пайтда ва Мирзиёевнинг Кореяга тарихий ташрифидан атиги уч ой ўтиб Ўзбекистонга ташриф буюргани борасида фикр юритишди.
Ҳужжатлардан амалий ишга
Жанубий кореялик меҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида томонлар икки томонлама муносабатлар борасида оламшумул ҳужжатларни имзоламади. Тилга олинган келишувлар – Тошкентда Миллий тиббиёт маркази мажмуаси қурилиши бўйича ўзаро англашув меморандуми ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича биринчи Ўзбекистон-Корея қўшма йиғилиши баённомаси бўлди.
Кўриниб турибдики, имзоланиши мумкин ва керак бўлган барча ҳужжатлар Мирзиёевнинг ўтган йил ноябридаги 60дан ортиқ ҳужжат ва 10 миллиард долларликдан ортиқ келишувлар имзоланган ташрифи давомида тасдиқлаб бўлинган. Жанубий Корея бош вазири ўринбосарининг ташрифи эса айнан мана шу ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишни кўзда тутади. Авваллари бу борада маълум бир муаммолар юзага келганди.
Ислом Каримов раҳбарлиги даврида ҳам мамлакатлар миллиардлаб долларлик келишувлар имзолаган, аммо кейинчалик айрим лойиҳалар бир жойда депсиниб узоқ вақт қоғозларда туриб қолганди. Оддий мисол – пойтахтда Корея билан ҳамкорликда замонавий болалар тиббиёт маркази қуриш ҳақида узоқ 2012 йилда келишувга эришилганди. Бироқ бугунга келибгина томонлар бу борада амалда барча жиҳатларни келишиб олишди ва жорий йилда уни барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланиши эҳтимоли юқори.
Ким Донг Ённинг ўзи ҳам бежизга ташрифидан мақсад икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш дея ифодаламади.
"Президент жаноби олийлари билан учрашувда Ўзбекистон раҳбарининг Корея Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш ҳамда жанубий кореялик ишбилармонлар учун янада қулай шароитлар яратиш имконини берадиган қатор амалий таклифларни билдирди", — дея қайд этди бош вазир ўринбосари.
Кун тартиби
Ўзаро келишувларни "осмондан ерга тушириш" учун мамлакатлар янги музокара майдони — Иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон—Корея қўшма йиғилишини ташкил этди. Йиғилиш доирасидаги биринчи учрашув манфаатли бўлди – ҳамкорлар ўзаро муносабатлардаги муаммолар ҳақида очиқ фикр билдирдилар, айрим нозик масалаларни ҳал қилиш борасида келишиб олдилар.
Масалан, Ўзбекистон Кореяга мева-сабзавот маҳсулотлари етказиш ҳажмини кенгайтиришни таклиф этди. Бугунги кунда юқори божхона йиғимлари экспорт миқдорини чеклаб қўймоқда. Бунинг устига, айрим мева-сабзавотларга нисбатан тақиқлар мавжуд.
Йиғилиш давомида томонлар бу муаммолар ечими бўйича якуний тўхтамга келишди. Масалан, мамлакатлар ўртасида преференцияли савдо келишуви имзолаш ёки эркин савдо зонаси ташкил этиш божхона тўловларини пасайтириш имконини беради. февраль охири ёки март бошларида бу йўналиш бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Тақиқлар борасида эса Ўзбекистон томони ҳозирда нафақат карантин инфратузилмаси қайта шакллантирилаётганини баён этди, балки Жанубий Кореяга бу жараёнда ўз тажрибаси ва маблағи билан иштирок этишни таклиф қилди.
Икки мамлакат делегациялари шунингдек, 2018-2020 йилларда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт фондининг 500 миллион доллар ҳажмидаги заёмлари эвазига молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилди. Улар орасида юқорида тилга олинган болалар тиббиёт маркази, Ўзбекистонда Корея маданият ва санъат уйининг очилиши ва бошқа лойиҳалар бор.
Ўзбекистон учун муҳим жиҳатлардан яна бири республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида Жанубий Кореянинг кўмаклашишидир. Шу боис томонлар яқин вақт ичида махсус Маслаҳат кенгаши ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олди. Унинг дастлабки вазифаларидан бири ЖСТга аъзо бўлишнинг миллий иқтисодиётнинг етакчи бўғинларидан бўлган мамлакат аграр секторига таъсирини баҳолашдир.
Ҳамкорликнинг яна бир манфаатли йўналишларидан бири – тўқимачилик соҳаси. Мамлакатда Жанубий Корея иштирокида ўнлаб йирик тўқимачилик мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Аммо ҳамкорликнинг янада ривожланишига янги турдаги мато ва бўёқларни ишлаб чиқариш борасидаги муаммолар халал берарди.
Эндиликда бу иш билан Тошкентда сентябрь бошида ишга тушадиган янги ўзбек-корейс текстиль технопарки шуғулланади. Ўзбекистон корхоналарига замонавий Жанубий Корея инновацияларини олиб кириш ва жорий этиш, мато, бўёқ маҳсулотлари, кийимлар дизайни бўйича ҳамкорликда тадқиқот ишларини олиб бориш унинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон вакиллари ҳамкорлар билан шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги GTL заводи қурилишига Корея молия-кредит тузилмалари маблағларини жалб этиш ҳамда нефть-газ ва кимё соҳаларидаги бошқа лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини фаол муҳокама қилди.
Асосий янгилик
Тошкентда бўлиб ўтган музокаралардаги асосий янгилик Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифи бўлди. Бироқ Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси Ким Же Унинг Sputnik мухбирига билдиришича, ҳозирча ташрифнинг аниқ санаси ва бўлажак музокаралар мавзусини айтиш қийин.
"Ҳозирда бу йўналишда фаол иш олиб бормоқдамиз ва ташрифнинг кенг дастурини тайёрламоқдамиз", — деди у.
Манфаатли ҳамкор
Йиғилишнинг аксарият қатнашчилари Ўзбекистон Жанубий Корея инвестициясини жалб этиш ва бу мамлакат билан умумий стратегик ҳамкорлик борасида Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларини анча ортда қолдирганини эътироф этишди.
Бугунги кунда Жанубий Кореянинг бутун минтақа ҳудудлари билан савдо алмашувининг 50%дан ортиғи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама товар алмашув ҳажми 1,2 миллиард долларга етди ва яқин йиллар ичида 2 миллиард долларгача етиши мумкин.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. У анча вақтдан буён нафақат иқтисодий, балки руҳий, маданий-гуманитар алоқаларга эга бўлган Россия ва Қозоғистонга етиб олиши қийин. Ва бунга даъвогарлик ҳам қилмайди. Унинг стратегик вазифаси фаол иқтисодий истилони бошлаган Хитойни минтақадаги ўрнидан суришдир.
Бунинг учун эса имкониятлари етарли. Хитой ўзининг иқтисодий қудрати орқали кредит асирига айланишни истамайдиган Марказий Осиё республикаларини чўчитади. Шу боис ишга амалий ёндашувчи кореяликлар минтақа давлатлари учун хусусан, Хитойнинг таъсирига нисбатан мувозанат сифатида манфаатли ҳамкор ҳисобланади.
Ўзбекистон стратегик лойиҳалар – Устюрт газ-кимё мажмуаси, "Навоий" интермодал хаби ва бошқа қатор лойиҳаларни айнан Корея инвестицияларини жалб этиш орқали амалга оширди.
Умуман олганда, бу икки мамлакат умумий манфаатлар ва ҳамкорликдаги келажак борасида ўхшаш тушунчаларга эга. Ўзбекистонга Корея инновация ва инвестициялари, Жанубий Кореяга эса Марказий Осиёда йирик стратегик ҳамкор керак.