Ички ишлар бўлимлари раҳбарларига мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди

Янги ташкил этилган ички ишлар бўлимлари зиммасига секторлар ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун жавобгарлик юклатилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Тошкент шаҳридаги шаҳар ички ишлар бўлимлари ички ишлар бўлимлари сифатида қайта ташкил этилади, деб маълум қилинган президент томонидан имзоланган "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорда.

Мирзиёев қарори билан ИИВ тизимига янги лавозимлар киритилди
Ҳужжатга кўра, қайта ташкил этиладиган ички ишлар бўлимлари зиммасига секторлар ҳудудларида жамоат тартиби сақланиши, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни амалга ошириш учун жавобгарлик юклатилади.

Ички ишлар бўлимлари раҳбарлари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:

— бириктирилган ҳудуд доирасида ички ишлар бўлими зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича мустақил қарорлар қабул қилиш; қўл остидагилар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқиш, бириктирилган патруль-пост хизмати нарядларининг кундалик дислокациясини белгилаш; бириктирилган ҳудуддаги тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳамда фавқулодда вазиятлар юзага келганда ички ишлар бўлими куч ва воситаларини жойлаштиришни амалга ошириш.

Шунингдек, қарорда Тошкент шаҳридаги туман ички ишлар бошқармалари негизида туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудлари доирасида куч ва воситаларни мақсадли тақсимлаган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаларини ташкил этиш назарда тутилган.

Тошкент ИИББ бошлиғи ўзгарди
Мувофиқлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш ва ташкил этиш, секторларга бўлиш тамойили асосида туман ҳудуди доирасида реал вужудга келган тезкор ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш;

халқ билан манзилли мулоқотни, фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашишни, секторларга бириктирилган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан узвий ҳамкорликни ташкил этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши, жамоат тартиби самарали сақланиши, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олиниши, содир этилаётган жиноятларга тезкор чоралар кўрилишини таъминлаш.