Ички ишлар бўлимлари ходимлари электрошокер ва планшетлар билан таъминланади

Бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида жамоат тартибини сақлаш кучлари электрошокерлардан фойдаланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистонда ички ишлар бўлимлари ходимлари табель ўқотар қуроли ўрнига электрошок воситалари билан таъминланиши режалаштирилмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Ички ишлар бўлимлари раҳбарларига мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари ходимларини босқичма-босқич табель ўқотар қуроли ўрнига электрошок воситалари билан таъминлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилди. Бунда уларни қўллашнинг қатъий тартиби ва шартлари белгиланиши лозим.

Бундан ташқари, ички ишлар бўлимлари ходимларига хизмат уяли телефонлари (планшетлар) ҳам берилади. Биринчи навбатда, профилактика инспекторлари ва тезкор вакиллари ушбу қурилмалар билан таъминланади.

Барча қурилмалар мақсадли дастурий таъминот ўрнатилган ва ички ишлар органлари электрон ахборот тизимларининг маълумотлар базаларига уланган ҳолда бўлади.

Бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида жамоат тартибини сақлаш кучлари электрошокерлардан фойдаланади. Ушбу восита қўлланилганида кишида мушаклар қисқариши юз бериб, у мувозанатини йўқотиши, баъзи ҳолларда ҳушидан кетиши мумкин.