ТОШКЕНТ, 14 фев – Sputnik. Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда мактабгача таълим муассасаларининг жойлардаги аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда.
"Президент Шавкат Мирзиёев бу тизимни ҳар томонлама таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда қолган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди", дейилади матбуот хизмати хабарида.
Хабарда билдирилишича, йиғилишда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш, уларда болаларни белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатлантириш, тарбиячиларнинг савияси, билими ва кўникмаларини ошириш каби қатор долзарб вазифалар муҳокама қилинмоқда.