Ўзбекистонда 1 июлга қадар бутунлай янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилади

Махсус ташкил қилинган комиссия ва ишчи гуруҳлар ушбу соҳадаги халқаро тажрибани чуқур ўрганган ҳолда Ўзбекистон янги Солиқ кодексини ишлаб чиқади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 фев – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Ўзбекистон солиқ тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ф-5214-сонли фармойишни имзолади.

Унда айтилишига кўра, кўрилаётган чораларга қарамасдан, бугунги кунда амал қилаётган Ўзбекистон Солиқ кодекси самарадорлик, хорижий тажрибалардан унумли фойдаланиш, солиқлар йиғилишининг тўлиқлиги ва шаффофлиги  жиҳатидан қониқарсиз ҳолда қолмоқда.

 

Солиқ кодексининг янги таҳририни тайёрлаш мақсадида етакчи олим ва юқори малакали мутахассислар, экспертлар, тадбиркорлик тузилмалари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил этилди.

Ушбу махсус комиссия ва ишчи гуруҳлар 2018 йилнинг 1 июлига янги Солиқ кодексига лойиҳасини ишлаб чиқаришлари керак.

Янги Солиқ кодексига қуйидаги талаблар қўйилмоқда:

 

  • халқаро норма ва стандартлар ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб берадиган нормалар яратилиши; 
  • икки хил талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларни чиқариб ташлаш мақсадида уларни инвентаризация қилиш; 
  • солиққа тортиш тизимини соддалаштириш;
  • солиқ тўловчилар ҳуқуқларининг ҳимоясини изчил таъминлаш; 
  • солиққа тортилишдан бўйин товлаш имкониятини истисно қилиш; 
  • хўжалик юритувчи субъектларнинг умумий солиқ юкини пасайтириш;
  • самарасиз солиқ ва йиғимларни бекор қилиш; 
  • кичик ва йирик бизнес субъектларининг солиқ юкини максимал даражада баробарлаштиришга хизмат қиладиган усулларни жорий этиш; 
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқиш механизмини соддалаштириш; 
  • "солиқ имтиёзи" ва "солиқ преференцияси" тушунчаларини аниқ чегаралаш;
  • самарасиз ва эскирган солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ва бошқалар; 

 

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар тадбиркорлик фаолиятига халал беришига йўл қўймаслик мақсадида унинг узоқ вақт давомида барқарор сақланиб туришига ҳам алоҳида эътибор берилган.

“Тадбиркорларга бизнеснинг ўрта муддатли истиқболда ривожланишини асосли равишда прогноз қилиш имкониятига эга бўлишлари учун солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин”, — дейилган фармойишда.

Шунингдек, фармойишда солиқ тизимини такомиллаштиришнинг биринчи босқичи — Ўзбекистон Республикаси солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш 2018 йил 1 апрелга қадар тугатилиши белгиланган.  

Иккинчи босқичи, яъни Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиши эса – 2018 йил 1 июль кунига қадар якунланиши белгиланган.

Фармойишнинг тўлиқ матни билан президент расмий саҳифасида танишинг.