Тожикистонда буғдой унидан оммавий заҳарланиш юз берди - бир бола вафот этди

Ўтган йилнинг августида маҳаллий тадбиркор Тожикистон жанубидан беш минг килограммдан ортиқ буғдойни сотиб олиб қишлоққа келтирган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Ишкашим туманида маҳаллий аҳолининг оммавий заҳарланиши қайд этилди, деб хабар берди Sputnik Тожикистон.

Маълум қилинишича, одамлар маҳаллий тадбиркор томонидан тайёрланган буғдой унини истеъмол қилиш оқибатида заҳарланишган.

Ўтган йилнинг августида тадбиркор Тожикистон жанубидан беш минг килограммдан ортиқ буғдойни сотиб олиб қишлоққа келтирган.
Маълум бўлишича, буғдой ичида гелиотроп заҳарли ўсимлиги бўлган.

Наманганда 36 киши калла-поча ва хасипдан заҳарланди

Янчилган буғдой унидан тайёрланган нонни истеъмол қилиш орқали дастлабки заҳарланиш аломатлари шу йилнинг 17 январида қайд этилган. Вилоят касалхонасига Қурбонбековлар оиласининг беш нафар аъзоси заҳарланиш аломатлари билан келтирилган.

Мазкур ҳолат бўйича Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раҳбари Шодихони Жамшед топшириғи билан мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилган.

Шифокорлар беморларда организмга гелиотроп заҳарли ўсимлиги тушиши оқибатида гелиотропик заҳарланиш юз берганини аниқлашган. 31 январь куни касалхонада оиланинг 11 ёшли аъзоси вафот этган.

Айни пайтда касалхонада 19 киши заҳарланиш аломатлари билан даволанмоқда, улар орасида 8 нафар бола ҳам бор. Болалардан бири оғир аҳволда.

Тиббиёт мутахассисларининг фикрича, туманда декабрь ва январь ойларида ушбу заҳарли унни истеъмол қилган аҳолида заҳарланиш аломатлари апрелда пайдо бўлади.

Заҳарли буғдой уни аҳолидан олиб қўйилди ва вилоят раҳбарияти топшириғи билан давлат моддий захиралари агентлиги захирасидан ун тарқатилди.