Камилов Афғонистон президенти маслаҳатчисини қабул қилди

Музокараларда асосий эътибор турли шаклларда юқори даражадаги икки томонлама учрашувлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнига қаратилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келган Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмарни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Эрдўғонни Тошкентга Афғонистон бўйича анжуманга таклиф қилди

Хабарда айтилишича, учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон кун тартибининг қатор масалалари, баъзи халқаро ва минтақа муаммолари муҳокама қилинди.

Музокараларда асосий эътибор турли шаклларда юқори даражадаги икки томонлама учрашувлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнига қаратилди.

Суҳбатда алоҳида эътибор Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик" номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик кўришга қаратилди.

Музокараларда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан биргаликда 2018 йил март ойининг охирида Тошкентда "Афғонистон — тинчликка йўл" мавзусида конференция ўтказиш ташаббуси билан чиққанди.

Тошкентдаги анжуманнинг асосий мақсади Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг асосий тамойилларини белгилаб олиш ҳамда ҳукумат ва мухолифатчи кучлар орасида тинчлик жараёнини "бошлаб юбориш" механизмини ишлаб чиқишдир.