Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Тошкентга келади

Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференцияни ўтказиш масалалари муҳокама қилинади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Бугун, 9 февраль куни Афғонистон Ислом Республикаси президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига амалий ташриф билан келади. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Эрдўғонни Тошкентга Афғонистон бўйича анжуманга таклиф қилди

Ташриф дастурига кўра, Ҳукумат, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат тузилмаларида учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган, шунингдек, «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияни Тошкент шаҳрида ўтказишга тайёргарлик кўришнинг амалий масалаларини муҳокама қилиш кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Афғонистон биргаликда 2018 йил март ойининг охирида Тошкентда "Афғонистон — тинчликка йўл" мавзусида конференция ўтказиш ташаббуси билан чиққанди.

Тошкентдаги анжуманнинг асосий мақсади — Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг асосий тамойилларини белгилаб олиш ҳамда ҳукумат ва мухолифатчи кучлар орасида тинчлик жараёнини "бошлаб юбориш" механизмини ишлаб чиқиш киради.