Ўзбекистонда "Ҳалол" стандарти расман жорий этилди

Стандартларнинг жорий этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сотув бозорларини кенгайтириш ва туризм соҳасида зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмак беради
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Ўзбекистонда ISO 22000 ва "Ҳалол" стандартлари расман жорий этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ("Ўзстандарт") хабар берди.

Ўзбекистон корхонаси халқаро "Ҳалол" сертификатини олди

Республикада халқаро стандартларни жорий қилиш ва амалда қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастури 2017 йил 23 ноябрда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари томонидан тасдиқланганди.

"Ҳалол" стандартини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида "Ўзстандарт" агентлиги қарори билан 2018 йил 1 февралдан Oz DSt 3286:2018 давлат стандарти "Ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма жорий этилди. Яқин вақт ичида "ҳалол" маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари учун тегишли йўриқнома чиқади.

ISO 22000 стандартлари бу озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги менежмент тизими учун халқаро стандартлар туркумидир.

"Ҳалол" стандартларида маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва маркалаш жараёнлари ислом қоидаларига мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Агентликнинг қайд этишича, стандартларнинг жорий этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сотув бозорларини кенгайтириш ва туризм соҳасида зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмак беради.