Аёллар билан боғлиқ мавжуд барча муаммоларни ҳал қилса бўлади - Сайёра Ходжаева

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Сайёра Ходжаева хотин-қизларни ва оилани, ногиронлиги бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши айни муддао бўлганини таъкидлади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Сайёра Ходжаева Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

Президент ўтказган йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани таъкидланди

"Узоқ йиллардан буён мамлакат аёллар ҳаракатида иштирок этаётган шахс сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистон президентининг ушбу фармони шубҳасиз, нафақат хотин-қизлар қўмитаси фаолиятидаги камчиликларни кўрсатиб берган, балки хотин-қизлар қўмиталарининг кенг кўламли вазифалари зарур ваколатларнинг йўқлиги ва ташкилий-штат бирликларининг етишмаслиги шароитида хотин-қизларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш борасида уларнинг куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш имконини бермаётганлиги боис ўз вақтида қабул қилинган ва улар олдига янги, аниқ вазифалар қўйган долзарб ҳужжат ҳисобланади", деди у.

Ходжаева фармонда белгилаб берилган устувор йўналишлар ва вазифаларни амалиётда татбиқ этишни таъминлашга қаратилган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури" тасдиқлангани, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилиши аёлларнинг янада фаол ва ташаббускор бўлишларида муҳим омиллардан бўлишини таъкидлади.

Хотин-қизлар қўмитаси вакилларини "бегона" тадбирларга жалб қилиш тақиқланди

Унинг эътироф этишича, мазкур фармон хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади.

Хотин-қизларни ва оилани, ногиронлиги бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши ҳам айни муддао бўлди.

"Шу билан бирга, фармон матнида асосий вазифалардан бири "хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш" деб белгиланган бўлсада, унда буни қай тарзда амалга ошириш йўллари кўрсатилмаган.

2017 йил январида бизнинг "Демократия ва инсон ҳуқуқлари" институти "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси"ни ишлаб чиқишда ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, аёллар аҳволини яхшилаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш бўйича кўплаб таклифларини берганди. Аммо бизнинг аёллар муаммолари борасидаги таклифларимиз эътибордан четда қолдирилди, улар Стратегияни қабул қилиш асносида инобатга олинмади. Шубҳасиз, бундан ўн йил илгари ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига берилган "Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни" лойиҳаси ёки вақтинчалик махсус чораларнинг қабул қилиниши аёллар билан боғлиқ мавжуд барча муаммоларни ҳал қилган бўларди", деди Ходжаева.

Мирзиёев Хотин-қизлар қўмитаси раиси Норбоевани қаттиқ танқид қилди

Ходжаеванинг сўзларига кўра, вақтинчалик махсус чораларнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши самарадорлигини таъминлаш учун давлат ҳокимияти органлари тизимида бу чораларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, назорат қилиш, баҳолаш ва бажарилишини таъминлашга масъул муассаса ташкил этиш лозим бўлади.

Қонунчилик, ижро, маъмурий ва бошқа йўриқнома ҳужжатлар, стратегия ва амалий чоралардан "вақтинчалик махсус чоралар" сифатида фойдаланиш имкониятини мустаҳкамлаш жоиз.

"Бугунги кунда бизни қуйидаги йўналишлар ташвишлантиради: "аёлларнинг ўрни" ҳақида эскирган стереотипларнинг мустаҳкамлиги, жамоат тасаввурида "аёллар муаммолари" ҳал этилганлиги ҳақидаги тушунчанинг мавжудлиги ва жамиятдаги гендер тенглиги масалаларида кам маълумотга эга бўлиш;

аёлларнинг ҳокимият ва бошқарув соҳаларида чекланган миқдорда эканлиги, сиёсатда етарлича иштирок этмаслиги;

паст нуфузли ва кам ҳақ тўланадиган касб ва фаолият турларида аёллар иштирокининг юқорилиги;

Ходжаева: давлат бошқарув органларида аёллар атиги 17 %ни ташкил қилади

аёлларнинг рўзғор ва жамият томонидан қадрланмайдиган машғулотлар билан бандлиги;

мулкка эгаликнинг чекланганлиги ва оқибатда эркакларга нисбатан кам таъминланганлиги;

парламент аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, давлат тузилмалари ходимлари, ижтимоий хизматчилар, ёшлар ва аҳолининг аёллар ҳуқуқлари, барқарор ижтимоий-иқтисодий жамият ривожида аёллар ва эркакларнинг тенглиги ҳақида етарлича маълумотга эга эмасликлари;

аёллар ҳолати ва ҳуқуқлари соҳасида хусусан жаҳон тажрибасини ўрганиш асосидаги замонавий илмий-назарий ва амалий тадқиқотларнинг етишмаслиги;

гендер тенглигини илгари суриш учун институционал чегараларнинг заифлиги", дея фикрини якунлади Сайёра Ходжаева.