ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Яқин келажакда Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеолавҳага олиш тақиқланмайди. Бу ҳақда 7 февраль, чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги учрашувида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Таъкидланишича "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектларни истисно қилганда, туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади.
"Бироқ ҳаммасини бир кунда бажариб бўлмайди. Қарор энди имзоланди. У ҳаётга тадбиқ этилиши учун эса вақт керак бўлади. Шуни тушунимиз керакки, яна хавфсизлик масалалари ҳам бор. Биз уни тўла инобатга олишимиз керак. Тўғри, суратга олиб бўлмайдиган объектлар бор. Шу боис ИИВ билан ҳамкорликда суратга олиш мумкин бўлган ва ёки мумкин бўлмаган объектлар рўйхати тузилади", дея қўшимча қилди Қўмита раиси.