Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли ривожланиш бўйича лойиҳани амалга оширади

Digital CASA лойиҳаси Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларидаги АКТ инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукумат учун тизимлари ишлаб чиқариш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришни кўзлайди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Бутунжаҳон банкининг махсус вакиллари гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур делегация Ўзбекистонда "Рақамли Марказий Осиё — Жанубий Осиё" (Digital CASA) лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш юзасидан ташриф буюрган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Арипов: Ўзбекистон рақамли қайта шаклланиш даврини бошидан кечирмоқда

Учрашувда ҳар иккала томон Digital CASA лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини баён қилди. Ўзбекистон томони мамлакатда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида кутилаётган жиҳатлар ҳақида ўз қарашларини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб, Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликнинг мамлакат ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари тармоқларини ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилди.

Учрашувда лойиҳани ишлаб чиқиш юзасидан кейинги режалар белгилаб олинди.

Бутунжаҳон банки вакиллари ташрифлари жараёнида Ўзбекистондаги рақамли ривожланиш ҳолати ва натижалар хусусида ҳам музокаралар олиб боришмоқда. Шунингдек, улар Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар, жумладан ИТ-муассасалар билан учрашувларини давом эттиришмоқда.

Digital CASA лойиҳаси Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларидаги АКТ инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукумат учун тизимлари ишлаб чиқариш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришни кўзлайди.