ТОШКЕНТ, 5 фев – Sputnik. Тошкент шаҳрида жойлашган 4-сон клиник шифохонаси бош врачи ва яна бир неча ходимлари ишдан бўшатилди, дейилган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.
Хабарда айтилишиа кўра, ушбу шифохонанинг травматоллогия бўлимида даволанаётган бемордан тиббиёт ходимлари томонидан унга ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муносабатда бўлингани ҳақида шикоят олинган.
“Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлиги учун Тошкент шаҳар И.Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С.Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш.Алимова, травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М.Толиповалар ўз вазифаларидан озод этилди”, — дейилган муассаса расмий хабарида.
Ушбу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган Ҳайъат видеоселектор йиғилишида вазир А. Шадманов тиббиёт ходимининг асосий вазифаси – аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатиш ва тиббиёт хизматларини кўнгилдагидек кўрсатиш эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Вазирлик хабарига кўра, республикада тиббиё соҳасида келиб тушаётган шикоятларнинг 12,6 % айнан соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлаётгани ҳақида эканлиги айтиб ўтилган.