Хотин-қизлар қўмитаси вакилларини "бегона" тадбирларга жалб қилиш тақиқланди

Мирзиёев имзолаган янги Фармонда "Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилиши" ҳақида айтилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" маркази вакилларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин, дейилади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонда.

Ўзбекистон президенти аёллар тўғрисидаги Фармонга имзо чекди
"Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин", — деб қўшимча қилинган ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида Мирзиёев Хотин-қизлар раиси Норбоевани танқид қилганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда интернет фойдаланувчилари қачонки хотин-қизлар қўмитаси фақат ўзининг иши билан шуғулланса, ҳаммаси жойига тушиши ҳақида фикрларни билдиришган эди.

"Аммо ҳокимлар уларга топшириқларни юклагандан кейин, ўша ишни биринчи бажарадида. Пахта мавсумида кўринг, хашарчиларни рўйхатга олиш, отрядларни шакллантириш, теримчиларни рағбатлантириш, барча ишлар шуларнинг бўйнида. Куни бўйи далада юрса, қачон кимнинг хонадонига кириб, қизлар билан суҳбат қилади? Хотин-қизлар қўмитасининг аниқ белгиланган вазифаси бўлиши керак, қишлоқ хўжалиги ишларини ўз эгаларига топшириш керак", — деб ёзган эди фойдаланувчилардан бири.