ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Интернет тармоғидаги йирик гуруҳларда бир неча ҳафта давомида ички ишлар идораларининг фоҳишалик билан қўлга тушган аёллар ва маст ҳайдовчиларининг суратларини эълон қилинишига ҳаққи бор-йўқлиги қизғин муҳокама этилмоқда. Sputnik мухбири хабарига асосан.
Ўтган йилнинг декабр ойидан бошлаб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ўзининг расмий сайтида маст ҳолатда машина бошқариб қўлга тушган ҳайдовчиларнинг фотосуратларини эълон қилишни бошлади. Ўтган ҳафтада илк бор фоҳишалик билан шуғулланган аёлларнинг фотосуратлари ҳам эълон қилинди.
Тошкент ИИББ бош бошқармаси вакиллари нима учун бундан чораларни кўраётганлиги ва уларни амалга ошириш оқибатида жиноятчилик сонини камайишига қандай таъсир кўрсатганлигини маълум қилишди.
"Сўнгги вақтларда фоҳишалик билан шуғулланган аёлларнинг фото суратларни чоп этишни бошладик. Нима учун бундай қилдик? Чунки ушбу аёллар ўзлари махсус сайтларда бемалол ўзларининг фотосуратларини, телефон рақамларини, бадан ўлчамлари, ўзларини ва хизматларини реклама қилишмоқда", — деб таъкидлади ИИББ бошлиқ ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ тартибот органлари томонидан бундай чоралар фақатгина қўлга олинган аёллар ва уларнинг фаолиятлари ҳақида маълумотлар батафсил текшириб чиқилгандан сўнг амалга оширилди. Қўлга олинган шахслар кимдир судга арз қилмоқчи бўлса, албатта буни қилишлари мумкин. Суд жараёнида ИИББ ўз ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб беради.
"Биз ҳаммасини тўғри қилаяпмиз, чунки бу каби ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси билан шуғулланишимиз керак. Бу маст ҳолда машина бошқарган ҳайловчиларни суратларини чоп этиш масаласига ҳам тааллуқли. Бир ойдан кейин бўлмаса ҳам, бир йил ичида албатта бунинг натижаси бўлади. Аслини олганда маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчилар сони камаймоқда", — деб қўшимча қилди ИИББ бошлиқ ўринбосари.