ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Президент Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф давомида президент ҳарбий аэродром учувчилари билан мулоқот қилди.
Ўзбекистонда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар бериш асосида кўп қаватли уй-жойлар босқичма-босқич барпо этилмоқда.
Global Firepower экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистон армияси дунёнинг энг кучли 50 армияси рўйхатига киритилган ва Марказий Осиёдаги ҳарбий қудрати энг юқори давлат ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетганди.
Ташриф давомида Ўзбекистон президенти Яккабоғ туманидаги «Дармон фарм» хусусий корхонасига қарашли «Дармон шарбати» мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси билан танишди, вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш, тадбиркорларга экспортни ўргатиш масаласига эътибор қаратиб: «Тадбиркорларни экспортга ўргатиш, бунинг учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, экспорт муҳитини яратиш зарур»лигини таъкидлаганди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев "Дорут тиловат" мажмуаси ҳамда Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилди.
Шаҳрисабз шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида бўлиб, мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида яна 25 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, боғча мудираси Шаҳноза Холмаҳматовага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль совға қилиш бўйича топшириқ берганлиги ҳақида хабар қилгандик.