ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс "суперсигир" яратишлари учун 40 миллион доллар пул сарфламоқда, деб хабар қилди Business Insider портали.
Ушбу буюртма генетик тадқиқотлар ва уй жониворлари учун вакциналар яратиш билан шуғулланувчи GALVmed нотижорат ташкилотига берилган.
"Бу ишнинг самараси жуда юқори. Ҳаётининг давомийлиги ҳозирги сигирларникидек бўлган, аммо улардан тўрт баробар кўп сут берадиган сигирни вужудга келтиришимиз мумкин", — деб баёнот қилган Гейт.
Эслатиб ўтамиз, Microsoft асосчиси бундан олдинроқ сунъий уруғлантириш йўли орқали сигир яратиш таклифини киритган эди.
Миллиардер Гейтс тез-тез хайрия ва илмий лойиҳаларга пул ажратиб туради. Forbes журнали маълумотларига кўра, унинг бойлиги 92 миллиард долларга етган.