Ўзбекистон ва Непал орасида дипломатик алоқалар ўрнатилди

Бундан буён икки давлат ўртасида ўзаро тушуниш, дўстлик ва ҳамкорликка асосланган муносабатлар ривожлантириб борилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 янв – Sputnik. Ўзбекистон ва Непал орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

2018-йилнинг 26-январ куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Непал Федератив Демократик Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма баённомани имзолаш маросими бўлиб ўтди.Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистон ва Непалнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакиллари имзоладилар.

«Ўзбекистон Республикаси ва Непал, икки давлат ўртасида ўзаро тушуниш, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ниятида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойиллари ва мақсадлари ҳамда халқаро ҳуқуққа риоя этган ҳолда, 1961-йил 18-апрелдаги дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси ва 1963-йил 24-апрелдаги Консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена конвенцияси бандларига мувофиқ дипломатик муносабатлар ўрнатишга қарор қилди», — дейилган имзоланган ҳужжатда. 

Непал Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 134-давлат бўлди.

Непал Республикаси — Ҳиндистон ва Хитой орасида тоғли ҳудудда жойлашган. Непал аҳолиси 30,5 млн кишидан иборат. Пойтахти – Катманду. Непал дунёдаги энг тоғли мамлакат ҳисобланади, мамлакатнинг 40% идан ортиқ ҳудуди денгиз стаҳидан 3000 метр баландликда жойлашган. Ундан ташқари Непал шимолида Ҳимолай тоғлари ва дунёнинг энг баланд чўққиси – Эверест (8848м) жойлашган.