Жаҳон банки иссиқликни таъминлаш тизими учун 140 млн $ ажратди

Ушбу маблағлар Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларида куп хонадонли уйлар аҳолисини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлашни яхшилашга сарфланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Жаҳон банки Директорлар Кенгаши Ўзбекистон Ҳукуматига республиканинг бешта шаҳрида иссиқликни таъминлаш тизимини замонавийлаштириш учун 140 млн доллар кредит ажратди, деб хабар қилди халқаро ташкилот ваколатхонаси.

"Марказлашган иссиқлик тизимини замонавийлаштириш лойиҳаси" кеча тасдиқланди ва 140 млн доллар миқдорида Жаҳон банкининг Халқаро ривожланиш ассоциацияси томонидан молиялаштирилади", — дейилган ваколатхона хабарида.

ЖБ маълумотига кўра, "Марказлашган иссиқлик тизимини замонавийлаштириш лойиҳаси"  Ўзбекистоннинг бешта шаҳри: Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларида  куп хонадонли уйлар аҳолисини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлашни яхшилайди.

Ўзбеклар ташаббускор халқ, уларга шароит яратиб бериш керак холос – ЖБ директори

"Лойиҳа шунингдек ушбу соҳада амал қилаёган норматив-ҳуқуқий базани ривожлантиришга ва соҳадаги корхоналар фаолиятининг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади", — дейилган ЖБ хабарида.

2016 йилнинг июль ойида ЖБ Ўзбекистонда 2016 —2020 йилларда амалга оширилиши керак бўлган 27 та устувор йўналишлардаги лойиҳалар учун 3 млрд $ дан ортиқ маблағни заҳира қилиб қўйган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1995 йилда Жаҳон банкига аъзо бўлган эди. Ўтган давр мобайнида ЖБ Ўзбекистонга 3 млрд доллар кредит ажратди. Ушбу маблағлар хусусийлаштириш, молия, қишлоқ хўжалиги, электр энергетикаси, ижтимоий, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида 36 та лойиҳани амалага оширишга сарфланди.