ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўзбекистон аёллари — 2017: ижтимоий мавқе ва кайфият" мавзусида ўтказилган сўров натижалари Ўзбекистон аёллари иқтисодий мустақил бўлишни хоҳлашини кўрсатди.
Сўров натижалари аёлларнинг муносиб ва замонавий таълим олишга барқарор ижобий муносабатини кўрсатган — аксарият иштирокчилар (74,3 %) фикрича, замонавий аёл учун олий маълумот муҳим аҳамиятга эга, деган фикрни билдирганлар. Шунингдек, респондентларнинг кўпи аёллар уйдан ташқарида ҳақ тўланадиган ишга эга бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Бу аёлга оиланинг моддий фаровонлигига ҳисса қўшиш билан бирга, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш имконини тақдим этади.
Тадқиқотлар аёлларнинг у ёки бу меҳнат фаолияти билан шуғулланишининг асосий сабабини аниқлади. Респондентларнинг 41,7 %и маълумоти ва малакасига мос касбда фаолият юритади, 30 %ни касбига хос ижодий хусусият жалб этган, улар ўзларини қизиқтирган фаолият билан машғул, ҳар ўнинчи аёл эса ишда ва оилада ўз мажбуриятини уйғунлаштириш учун эркин жадвал асосидаги иш ўринларини танлаган.
Сўровда қатнашган аёлларнинг кўпчилиги ўзини фаолият турини ўзгартиришга, янги касбни эгаллашга қодир, деб ҳисоблайди. Сўров натижалари мониторингидан аёлларнинг меҳнат муносабатлари фаоллашгани, 2015 йилда 69,5 фоиз бўлган кўрсаткич 2017 йилда 77,9 %гача ошгани маълум бўлди. Ўзига бўлган ишонч туфайли меҳнат муносабатлари фаоллашган респондентларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади.
Ўтказилган сўров натижасида Ўзбекистон аёлларининг фаол ишбилармонлик фаолиятига жиддий қизиқиши маълум бўлди: иштирокчиларнинг 20,2 %и тадбиркор сифатида фаолият юритади, 24,2 %и эса ўз ишини бошлаш истагида. Бундан ташқари, 84,2 % респондент аёллар ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланиши кераклигини маъқуллайди.
Сўров аёлларнинг аксарияти ҳаётда муайян мақсадларга эришишга интилишини кўрсатди. Иштирокчиларнинг ҳаётдаги асосий мақсади оила қуриш, унинг фаровонлигини мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборатдир. Бунда аёлларнинг асосий қисми ўз мақсадига эришишига, орзу-истаклари рўёбга чиқишига қатъий ишонади.
Умуман, ўтказилган сўров давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистон аёлларининг тафаккури ва дунёқараши ҳам ўзгараётгани, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик онги ошаётгани, фуқаролик позицияси ва келажакка ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.