Ўзбекистон фуқароларга олий маълумот олиш имкониятини кенгайтирди

Қабул квоталари 2018-2019 ўқув йилида 20 %га оширилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланган 2018 йилги Давлат дастурида "Олий таълим муассасаларига қабул квоталарини 2018-2019 ўқув йилида 2017-2018 ўқув йилига нисбатан камида 20 фоизга ошириш" белгиланган.

Ушбу лойиҳага Давлат бюджети маблағлари ва тўлов-шартнома маблағларидан 39,0 млрд. сўм сарфлаш кўзда тутилган.

ДТМ кимлар тестдан озод қилиниши мумкинлигини айтди
Лойиҳада: фуқароларнинг олий таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш; олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсияномасини олган абитуриентлар ҳамда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли сертификатни олган йигитларни ушбу муассасаларга алоҳида квоталар бўйича қабул қилиш назарда тутилади.

Шунингдек, дастурда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, тест натижаларини тезкор эълон қилишнинг замонавий механизмлари амалда ижро этилишини таъминлаш белгиланган.

Бунинг учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини бир неча кун давомида ўтказиш; тест синови натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига эълон қилиш; жамоатчилик, жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб бориш имкониятини яратишга оид тадбирлар назарда тутилган.