Вазир келганини эшитган ошпаз тайёр овқатга хом гўшт қўшди - Тошкент боғчаларидаги аҳвол

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг пойтахт боғчаларига кутилмаган ташрифи саргузаштларга бой бўлди. Вазир дарагини эшитган ошпаз тайёр овқатга "ортиб қолган" хом гўштни қўшиб юборди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputni. Мактабгача таълим вазирлиги раҳбари Агриппина Шин сешанба куни ҳеч кимни огоҳлантирмай, боғчаларга ташриф уюштирди, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.

Президент мактабгача таълим тизими бўйича видеоселектор мажлиси ўтказди
Юнусобод туманидаги №206 МТМ да соат 12.20 бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаган. Боғча мудираси эса вазиятдан чиқиш мақсадида меҳмонларга тайёрлов гуруҳдаги ўқув-тарбия жараёни билан танишишни таклиф қилган.

Вазир бошчилигидаги масъуллар эътиборини боғчанинг тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Диляра Эгамбердиева ўтказаётган навбатдаги машғулотлар ўзига жалб қилди. Болалар шу қадар машғулотларга қизиқиб кетишганки, хатто меҳмонларнинг гуруҳга кириб келганлигини ҳам сезмай қолишди.

Кузатув давомида аниқаланишича, тарбиячи Эгамбердиева ўзининг ўн саккиз йиллик педагогик тажрибага эга бўлган, олий маълумотли боғча опа фарзандларимизга замонавий педагогик техналогиялар асосида таълим тарбия беришга интилган жонкуяр, интилувчан, замон билан ҳамнафас тарбиячи экан. Боғча опанинг таълим-тарбия бериш методикасини юқори боҳолаган вазир, ушбу мактабгача таълим муасасасида соғлом овқатлантириш жараёни ҳам тўғри ташкил этилганлигига амин бўлиш мақсадида ошхонага йўл олган.

Афсуски, ошхонадаги ҳолат кутилган натижани бермаган, таомнома бўйича 2-қайлали нохатли бўтқа пишиш арафасида бўлсада, унинг ичида хозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратга солган.

Аниқланишича, ошпаз Э.Мамедова таомнома бўйича тушликдаги 2-овқатга берилиши лозим бўлган 35,22 кг. гўшт ўрнига 31кг гўшт ишлатган экан. Аммо, меҳмонларнинг кутилмаган ташрифи уни эсанкиратгани боис, пишиб турган нохотли бўтқага яна 4 кг хом гўштни солиб, ана шу боис тушлик бериш боғчада кечиктирилган.

Мактабгача таълим вазирлигига раҳбар тайинланди
Бир сўз билан айтганда, Юнусобод туманидаги 206-мактабгача таълим муассасасининг ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги билан бирга боғчада кун тартиби бузилганлиги ҳам аниқланган.

Шунингдек, мазкур боғчанинг қуввати 540 нафар болага мўлжалланган бўлишига қарамай, 2018 йилнинг 1 январь холатига тарбияланувчилар сони 740 нафарни ташкил қилаётганлиги маълум бўлган. Устига-устак болалар боғчаси биносининг биринчи блоги туман хокимияти томонидан Маҳалла қўмитасига берилган. Йўл қўйилган ана шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида 206-мактабгача таълим муассасаси мудираси Мухаммедова, ошпаз Мамедова, омбор мудири Дадаходжаевалар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шунингдек, боғча ҳамшираси Таштаевага интизомий жазо чораси қўлланилган.